Ўзбекистонда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун кучга кирди

Ўзбекистонда 17 мартдан бошлаб “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Бу ҳақда якшанба куни Ўзбекистон маҳаллий нашрлари маълум қилди.

Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 12 августида қабул қилиниб, 24 августда Сенат тасдиғидан ўтган.

2016 йил 16 сентябрда ўша вақтда президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қонун 17 сентябрь куни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида эълон қилинган. Қонун эълон қилинган кунидан бошлаб олти ойдан сўнг кучга кириши белгиланган эди.

Қонунда ички ишлар ходимларига қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ман этилади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт ҳисобланади.