Автомобиль йўллари Давлат қўмитаси раиси ва раиснинг биринчи ўринбосари тайинланди

Uzbekistan - The building of the Cabinet of Ministers of Uzbekistan.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 18 мартдаги Фармони билан Абдураҳмон Абдувалиев Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси этиб тайинланди.

Бу ҳақда хабар қилган "Ўзавтойўл" матбуот хизматига кўра, Абдураҳмон Абдувалиев шу пайтгача Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси ("Ўзавтойўл" ДАК) бошқаруви раиси сифатида ишлаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги Фармони билан "Ўзавтойўл" ДАК фаолияти тугатилиб, унинг негизида Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкил этилган эди.

Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган яна бир ҳужжат, яъни 2017 йил 18 мартдаги қарорига биноан Шуҳрат Назаров Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Шуҳрат Бахтиёрович Назаров шу пайтгача "Ўзавтойўл" ДАК бошқаруви раиси ўринбосари сифатида ишлаган.

Президентнинг 2014 йил 14 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган қўмита ташкилий тузилмасига асосан, янги ташкил этилган қўмита раисининг биринчи ўринбосари - молия-иқтисодиёт, иқтисодий таҳлил ва истиқболдаги ривожланиш, саноатни ривожлантириш, халқаро алоқалар ҳамда ташқи иқтисодий алоқалар масалаларига раҳбарлик қилади.