Ўзбекистон-Қирғизистон чегараларини аниқлаш бўйича навбатдаги музокара якунланди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги чегара -ўтказиш пункти.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 21 март куни тарқатган хабарида Ўш шаҳрида Қирғизистон билан давлат чегараларини аниқлаш масаласида ўтказилган навбатдаги учрашув якунига етганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегацияларининг 10 кунлик музокаралари 19 март куни якунланган.

“Музокаралар доирасида Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлар билан Қирғизистоннинг Боткен, Жалолобод ва Ўш вилоятлари туташган ҳудудлардаги давлатлараро чегаранинг энг қийин участкаларида қўшма дала текширувлари ва геодезиявий ҳисоблаш ишлари олиб борилди”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги маълумотида.

Ўзбекистон- Қирғизистон ўртасидаги чегараларни аниқлаш жараёни 2016 йилнинг сентябридан сўнг қайта жонлантирилган эди. Узунлиги 1378 килмоетрни ташкил қиладиган Ўзбекистон –Қирғизистон чегарасида 50дан ортиқ баҳсли ҳудудлар мавжудлиги айтилади.