Ўзбекистонда сўнгги 2 йилдан бери автомобиль ишлаб чиқариш кескин камайди

Ўзбекистонда ўтган йили автомашина ишлаб чиқариш кўрсаткичи 2015 йилга нисбатан 52, 5 фоизга оз бўлди.

Автомобиль ишлаб чиқарувчилар жаҳон ташкилоти расмий сайтида эълон қилинган ҳисоботда таъкидланишича, 2016 йилда Ўзбекистонда 88 минг 152 дона автомобил ишлаб чиқарилган.

2015 йилда эса бу кўрсаткич 185 минг 400тани ташкил қилган эди. Бироқ бу ҳам 2014 йилга нисбатан 24,5 фоизга оз бўлган.

Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида автомашина ишлаб чиқариш бўйича Россиядан кейинги 2-ўринни эгалламоқда. Россияда ўтган йили деярли 1 миллион 304 минг автомашина ишлаб чиқарган.

Автомобил ишлаб чиқарувчилар жаҳон ташкилоти автомобиль ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон Нидерландия, Финландия, Миср, Сербия ва Украинадан олдинда бораётганини ҳам қайд этган.