Президент виртуал қабулхонаси пулли бўлиши тўғрисидаги гаплар инкор қилинди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси хизматлари пулли бўлиши тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.

"Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонаси юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари учун бепул бўлган ва бундан кейин ҳам бепул бўлиб қолади", дейилади вазирлик баёнотида.

Президент виртуал қабулхонаси пулли бўлиши тўғрисидаги гап-сўзлар сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда пайдо бўлиб, тармоқ фойдаланувчилари томонидан қизғин муҳокама қилинаётган эди.

Вазирлик баёнотида UzMobile оператори ҳам президент виртуал қабулхонасига бепул уланиш имикониятини яратиб бергани таъкидланади.