Артур Таймазов Халқаро олимпия қўмитаси қароридан норозилик билдирди

Артур Таймазов ва Салим Абдувалиев. Лондон Олимпиадасида. Таймазов олтин медал ютган кун. 11.08.2012.

Пекин-2008 олимпиадасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, эркин кураш мусобақасида олтин медални қўлга киритган Артур Таймазов ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида Халқаро олимпия қўмитасининг у эришган натижани бекор қилиш тўғрисидаги қароридан норозилик билдирди.

“Олимпия чемпиони бўлиш болаликдан орзуим бўлиб келган. Мен бунга бутун умримни бағишладим, соғлиғимни “гиламда қолдирдим”. Ҳар доим ўз медалларимни ҳалол курашда ютиб келганман. Ҳеч қачон тақиқланган препаратларни қабул қилмаганман. 16 йил давомида ҳар йили допинг-намуналар топширдим ва бирон марта улар ижобий натижа бермади…” деб ёзаркан, Артур Таймазов Халқаро олимпия қўмитаси қарори устидан арз қилажагини билдирган.

Халқаро олимпия қўмитасининг 5 апрель куни эълон қилинган ва шу кундан кучга кирган қарори билан Таймазов 2008 йилги Пекин ëзги олимпиадасида 96-120 килограмдаги эркаклар ўртасида эркин кураш бўйича қўлга киритган олтин медалдан маҳрум этилди.

Қарорда айтилишича¸ Таймазовдан Пекин олимпиадаси пайтида олинган анализлар қайта текширилганда¸ уларда туринабол ва станозолол каби тақиқланган моддалар топилган.