Бугун Стокҳолм судида террор ҳаракатида гумонланган ўзбекистонлик иши кўрилади

Стокҳолмда амалга оширилган терактда гумон қилинаëтган Раҳмат Оқилов.

Бугун Швецияда 7 апрель куни Стокҳолмдаги террор ҳаракатини амалга оширганликда гумонланаётган ўзбекистонликка нисбатан айблов билдириладиган ва эҳтиёт чораси белгиланадиган биринчи суд жараёни бўлиб ўтади.

Бу ҳақда маълум қилган Швеция миллий полицяси бош раҳбари Дан Элиассон матбуот анжуманида қўлга олинган ўзбекистонлик юк машинаси ҳайдовчиси бўлганига полициянинг ишончи комил эканини айтди:

-Бизда турли кўрсатмалар, техник далиллар, фотосуратлар, видеотасвирлар ва шаҳар кўчаларидаги камералар томонидан олинган фотосуратлар мавжуд. Албатта, гумонланувчи билан ҳам гаплашдик. Полиция нуқтаи назаридан туриб айтадиган бўлсам, биз юк машинаси ҳайдовчисини қўлга олганимизга ишончимиз комил. Албатта, буни прокурор судда исботлаб бериши ва суд ҳимоя томонининг далилларини ҳам инобатга олган ҳолда қарор чиқариши лозим,- деди полиция бошлиғи.

7 апрель куни Швеция пойтахтида юк машинасини одамлар устига ҳайдалиши оқибатида 4 одам ўлди, 15 одам жароҳатланди. Террор деб баҳоланган мазкур ҳаракатни амалга оширганликда айбланиб 39 яшар ўзбекистонлик қўлга олинган эди.