Тошқин таҳдиди боис Қозоғистон омборларидаги сув Ўзбекистонга оқизилиши мумкин

Келаси уч кун ичида Остонада сув тошқини рўй бериши кутилмоқда.

Қозоғистон расмийлари келаси уч кун ичида Остонада баҳорги тошқин юз бериш эҳтимоли кучлилигини эълон қилди.

Ҳукумат мажлиси давомида бу масалага тўхталган мамлакат Бош вазири ўринбосари Асқар Мирзахметовга кўра¸ тошқин эҳтимолини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Қозоғистон ҳудудидаги сув омборларидан ортиқча сувни қабул қилишга тайëрлигини билдирган.

"Казгидромет" берган маълумотни тақдим этган Мирзахметов¸ ҳозирда Қозоғистон сув омборларида 2 миллиард куб метр сув борлиги¸ Чордарага яна 500 миллион куб метр сув тушиши кутилаëтганини тилга олди.

Ҳозирча ҳеч қандай таҳдид йўқлигини айтган Бош вазир ўринбосари¸ бундай эҳтимол кучайиши билан ўзбек томони билан келишувга мувофиқ¸ ортиқча сув Ўзбекистонга оқизилишини таъкидлади.

Айни пайтда¸ шимолий Қозоғистондаги Ақмола¸ Павлодар¸ Қўстанай¸ Қарағанда каби қатор областлари ҳудудида 19 апрель куни рўй берган кучли сув тошқини оқибатида 2000 дан ошиқ бино бузилган¸ минглаб одам эвакуация қилинган.

Маҳаллий аҳоли¸ тошқин оқибатида олти одамнинг нобуд бўлганини айтмоқда¸ бироқ расмийлар инсоний талофат йўқлигини таъкидламоқда.