Ўзбекистонда Ичимлик суви инспекцияси ташкил этилди

Ўзбекистон Президентининг 18 апрелдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди.

Фармонга берилган расмий шарҳда келтирилишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, ичимлик суви сифатини назорат қилиш, фойдаланилган сувларни оқизиш (канализация) ҳамда оқова сувни тозалаш хизматларини ташкил этиш соҳасидаги қонунчилик ва меъёрий-техник ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш билан боғлиқ ҳал этилмаган қатор муаммолар мавжуд.

Ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, канализация ҳамда оқова сувларни тозалаш хизматлари кўрсатишни техник тартибга солишга оид қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этиш; сув таъминоти ва канализация ташкилотлари томонидан сув таъминоти ва канализация тизими объектларини технологик жараён ва энергия тежашни такомиллаштиришга қаратилган техник аудитдан ўтказиш каби вазифалар янги инспекциянинг асосий вазифалари этиб белгилаб қўйилди.