ОТБ темир йўлни электрлаштириш лойиҳасига 80 миллион доллар қарз беради

Осиё тараққиет банки Поп, Наманган ва Андижон йўналишидаги 145 километрли темир йўлни электрификациялаш учун 80 миллион доллар қарз беради. Бу ҳақда банк матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, мазкур йўналиш Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги дастури 2-йўлакчасининг бир қисми ҳисобланади.

Дастурда 2-йўлакчада жойлашган Озарбайжон, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш назарда тутилади.

Мазкур дастур доирасида темир йўллар экологияси ва хавфсизлигини яхшилаш ҳам режалаштирилган. Лойиҳанинг амалга оширилиши оқибатида ҳавога корбанад ангидрид чиқариш йилига 10 минг тоннага қисқаради.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати деярли 177,5 миллион долларни ташкил қилади. Бу маблағнинг деярли 97,5 миллиони Ўзбекистон ҳисобига тўғри келади.