Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда Россиянинг "Ўлмас полк" акцияларига рухсат бермади

Бу ҳақда Акциянинг расмий сайти хабар қилди.

«Ҳурматли, ўзбекистонликлар! Бутун дунёда ҳукмрон мураккаб сиёсий вазият туфайли бу йил «Ўлмас полк» акцияси ўтказилмайди. Бу ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган тўғри қарор деб ҳисоблаймиз, зеро иккинчи Питерга ҳожат йўқ», - дейилади хабарда.

Маавзуни ўрганган кун.уз сайти манбасига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ўлмас полк» ҳақидаги маълумотни тасдиқламаган, бироқ инкор ҳам этмаган. «Бизда бу ҳақидаги маълумотлар йўқ», - дейилган ҳокимият котибиятида.

«Ўлмас полк» фуқаролик ташаббуси координатори Сергей Лапенковнинг РБК нашрига маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати мазкур акциянинг ўтказилишига рухсат бермаган.

Лапенков ушбу акция Ўзбекистонда илк марта 2016 йилда ўтказилгани, лекин у тадбир расмий мавқега эга бўлмаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, қарор «президент маъмурияти даражасида» қабул қилинган.

Акциянинг Ўзбекистондаги координатори Амир Моллахнинг РБКга маълум қилишича, ташкилотчилар мамлакат ҳукумати қарорини хавфсизлик нуқтаи назаридан тўғри деб ҳисоблашади. Манбага кўра, «Ўлмас полк» иштирокчилари бу йил Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйиш билан чекланишади. Шундан сўнг уруш фахрийларини табриклаб, концерт дастури намойиш этилади.

«Ўлмас полк» акцияси халқ ташаббуси сифатида илк марта 2012 йилда Томскда ўтказилган. Кейинчалик акция бутун Россия, шунингдек бошқа мамлакатлар бўйлаб ўтказила бошланди.