БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Тошкентга келади

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал Ҳусайн.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал Ҳусайн 10-12 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда чоршанба куни Podrobno.uz. хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, ташрифдан мақсад Ўзбекистон ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволини муҳокама қилиш ҳамда ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олишдир.

Расмийлар билан учрашувлардан сўнг ал Ҳусайн Тошкентдаги халқаро пресс-клубда матбуот анжумани ўтказиши ҳам режалаштирилган.

Халқаро ташкилотлар ўз ҳисоботларида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли бўлиб қолаётгани ҳақида бонг уриб келадилар.

Жумладан, 3 май «Халқаро матбуот эркинлиги куни» арафасида қароргоҳи Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти 180 мамлакатда сўз эркинлиги вазияти бўйича ҳисобот чиқариб, Ўзбекистонни 169-ўринга қўйди. 2016 йилда Ўзбекистон бу рейтингда 166-ўринни эгаллаганди.

Amnesty International ташкилоти 31 март куни эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ичкарисида ва ташқарисида ватандошларни ноқонуний назорат остига олмоқда, деб билдирди. Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон ҳукуматининг бундай ҳаракати “қўрқув ва ишончсизлик муҳитини яратмоқда”.

Ўзбекистон ўтган йили Freedom House ташкилотининг Эркинлик индексида Туркманистон, Сурия, Сомали, Шимолий Корея, Эритрея, Судан ва Саудия Арабистони каби мамлакатлар орасидан жой олган эди.