Аҳолини иш билан таъминлаш режасини бажармаган ҳокимнинг ойлигидан ушлаб қолинадиган бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжат матнини ЎзА агентлиги эълон қилди.

Қарорда айтилишича, янги иш ўринларини ташкил этиш, иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ йўналтирилган ва тизимли ишлар олиб боришда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини кучайтириш, шу асосда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилиш мақсадида:

2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини аҳоли бандлигини ошириш учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш тизимини жорий этилади, унга мувофиқ:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари аҳоли бандлиги ўсишининг тасдиқланган ҳар чорак прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаган тақдирда уларга лавозим маошларининг 15 фоизи миқдорида мукофот тўланади, прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда лавозим маошларининг 15 фоизи миқдорида жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланилади.

Президент қарорида бошқа чоралар ҳам назарда тутилган.