Кичик ҳажмли кемалар бўйича давлат инспекцияси ФВВ ихтиёрига ўтади

Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш бўйича давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш таъминоти чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, кичик ҳажмли кемалар бўйича давлат инспекцияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ихтиёрига ўтказиб берилади.

Газета.узнинг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизматига таяниб хабар қилишича, кичик ҳажмли кемалар бўйича давлат инспекциясининг (КҲКДИ) асосий вазифаси сузиш хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот ва атроф-муҳит ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатнинг барча акваторияларида сузиш воситалари ва уларнинг тураргоҳ базаларидан тўғри фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш бўлиб ҳисобланади.

Кичик ҳажмли кемалар бўйича давлат инспекцияси давлат, жамоалар, хусусий корхоналар, хорижий ишхона, муассаса, ташкилотлар (ҳарбийларнинг махсус сузиш воситаларидан ташқари) ҳамда ватандошларга қарашли ўзиюрар ҳамда эшкак, елкан ва б. воситасида бошқариладиган кема/қайиқларнинг барчасини, уларнинг двигатели қуввати қандайлиги ва қанча юк кўтаришидин қатъий назар, назорат қилади.

Мазкур инспекция 1993 йили Жисмоний тарбия ва спорт бўйича давлат қўмитасидан Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш давлат қўмитаси ихтиёрига ўтказилган ҳамда мустақил инспекция мақомида Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини ҳимоя қилиш ва оқилона фойдаланиш бўйича давлат инспекцияси таркибига киритилганди.