Россиянинг Самара областида халқаро қидирувга берилган ўзбекистонлик қўлга олинди

Чапаевск шаҳрида прокуратура ходимлари полиция ва ФСБнинг минтақавий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда шаҳардаги «Техпром Поволжье» корхонаси ҳудудида 45 яшар эркакни ушлади, деб хабар қилди sgpress.ru сайти.

Нашрнинг область прокуратурасига таяниб хабар қилишича, қўлга олинган шахс Ўзбекистон фуқароси бўлиб, одам савдоси билан шуғуллангани учун қидирувга берилган.

Уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласи ҳал бўлгунича ҳибсда ушлаб туриш тўғрисида суд қарор қабул қилган.
Ушланган ўзбекистонликнинг шахсига оид маълумотлар хабар қилинмади.