Хабаровсклик депутат Ўзбекистон элчисидан Гулнора Каримова тўғрисида маълумот сўради

Гулнора Каримова. 2010 йил, 10 сентябрда Нью-Йоркда олинган сурат.

Россиянинг Хабаровск шаҳар думаси депутати Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчисидан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора тўғрисида маълумот беришни талаб қилди.

Бу ҳақда хабар қилган AmurMedia сайтига кўра, Евгений Смолькин Ўзбекистон элчиси номига ёзилган мурожаатномасида Гулнора Каримованинг шахсига оид ўзи билган маълумотларни келтирган.

Депутат 2013 йилдан буён Гулнора Каримованинг ҳибсга олингани, заҳарлангани тўғрисида Интернетда миш-мишлар пайдо бўлиб келаётганидан ташвишда эканлигини таъкидлаб,Ўзбекистон элчисидан унинг қаерда ва қай мақомда эканлиги тўғрисида расмий маълумот беришни талаб қилган.

AmurMedia сайтига кўра, Евгений Смолькин Хабаровск шаҳар думаси депутатлигига 3 ҳафта олдин сайланган.