Қозоғистонда ўзбек саноатчилари кўргазмаси бўлиб ўтди

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида 12-13 май кунлари тошкентликлик ишлаб чиқарувчиларнинг биринчи кўргазмаси бўлиб ўтди.

Газета.уз сайтининг Тошкент шаҳар ҳокимияти ахборот хизматига таянган ҳолда хабар қилишича, кўргазмада Тошкентнинг 150 дан зиёд корхонаси саноатнинг турли соҳалари бўйича 1000 дан ортиқ маҳсулот намойиш қилган.

Кўргазмага Жанубий Қозоғистон вилоятидан 5000 дан зиёд тадбиркор иштирок этган. Тошкентда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти бўйича умумий қиймати 18 миллион доллардан ошган шартномалар тузилган.

Ўзбекистонликларнинг Қозоғистонга ташрифи чоғида Тошкент ва Чимкент ҳокимиятлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Айни пайтда тошкентлик қўшиқчиларнинг концерти ҳамда ўзбек ошпазлари фестивали ўтказилган.

Тошкент шаҳар ҳокимияти шу каби кўргазмаларни келажакда Қозоғистоннинг Олмаота, Қирғизистоннинг Ўш ва Туркманистоннинг Ашхобод шаҳарларида ҳам ўтказмоқчи.