“Самарқанд Дарвоза” харидорларининг эвакуация қилинишига ёлғон хабар сабаб бўлган

“Самарқанд Дарвоза” савдо мажмуасидан харидорларнинг 14 май кунги эвакуация қилинишига телефон орқали амалга оширилган безорилик сабаб бўлди.

Бу ҳақда маълум қилган Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматига кўра, якшанба куни 102 хизматига 1998 йилда туғилган Тошкент вилоятилик қиз қўнғироқ қилган. У “Самарқанд Дарвоза”нинг 3-қаватида ҳижоб ўранган икки номаълум аёл мазкур савдо мажмуасига портловчи модда ўрнатилганлиги ҳақида гаплашаётганини эшитганини айтган. Кейинчалик бунинг телефон безорилиги экани маълум бўлган.

Воқеа жойига борган тартиб посбонлари одамларни хавфсиз жойга чиқариб, бинони кўздан кечирганлар, бироқ “Самарқанд Дарвоза”дан ҳеч қанақа портловчи модда ва бошқа шубҳали нарсалар топмаганлар. Ёлғон хабар оқибатида савдо мажмуасига сезиларли даражада моддий зарар етгани айтилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда тергов тадбирлари амалга оширилмоқда.