Россия ва Ўзбекистон миршаблари ҳамкорликни кучайтирмоқчи

ИИВлар орасидаги баённома Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцевнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланди.

23 май куни Тошкентда Ўзбекистон ва Россия Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликка оид баённома имзоланди. 2017-2018 йилларга мўлжалланган бу ҳужжат Ўзбекистон Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов ва Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцев томонидан имзоланган.

Ўзаро ҳамкорлик доирасида икки мамлакат ИИВ уюшган жиноятчилик ва банг моддалари трафигига қарши курашга алоҳида эътибор қаратиб, экстремистлар бўйича маълумот алмашишни йўлга қўймоқчилар.

“Ҳозирда Россия Федерациясида 1 миллион 700 минг нафар ўзбекистонлик истиқомат қилмоқда. Шу йил бошида 600 мингдан кўпроқ ўзбекистонлик келди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга кўпдир. Ҳаётнинг ўзи алоқаларимизни айнан шу ҳамкорлик участкасида мустаҳкамлаш зарурлигига ундаяпти”, дея иқтибос келтиради рус вазири Владимир Колоколцевдан “Мир 24” телеканали.

Вазирлар учрашувида ўзбекистонлик миршабларнинг Россияда таълим олиш имконияти бўйича ҳам келишиб олинган.