Меҳнат вазирлиги номи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига айланади

Мирзиёев Ўзбекистон Меҳнат вазирлигини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига айлантириш ҳақидаги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил этилади. Бу ўзгариш президент Мирзиёев томонидан 24 май куни имзоланган “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари, жумладан, янги иш ўринлари яратилишига давлат буюртмаларини ишлаб чиқиш, ҳудудий ва тармоқлар бандлик дастурларини амалга оширишни мувофиқлаштириш, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ўз вақтида тўланиши мониторингини амалга ошириш ва бошқалар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ҳамда унинг ўринбосарлари зиммасига янгидан ташкил этилган вазирликнинг вазифаларини бажариш, шу жумладан, меҳнат органлари томонидан аҳолига ва иш берувчиларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш қулайлигини таъминлаш, биринчи марта меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш ва уларни оилавий тадбиркорликка ва ҳунармандчиликка жалб этиш ҳамда ўзини ўзи банд қилишнинг турли шаклларини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича амалий чораларни кўриш бўйича шахсий масъулият юклатилган.

Президент фармонида меҳнат бозорини янада ривожлантириш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва бандликни рағбатлантириш бўйича бир қатор чоралар кўзда тутилган.