Тошкентнинг Мустақиллик кўчаси ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланмоқда

Мустақиллик кўчаси бўйлаб тўсиқ 2015 й. кузида ШХТ саммитига тайёргарлик кўрилаётган вақтда ўрнатилган эди.

Тошкентдаги Мустақиллик кўчасида шанба куни йўлнинг икки томонини ажратиб турувчи тўсиқларнинг катта қисми олиб ташланди. Бу ҳақда хабар қилган Газета.узга кўра, мазкур ишга кўп миқдордаги техника ва коммунал хизматлари ходимлари жалб қилинган.

Худди шу хизматлар 2015 йилнинг кузида Ўзбекистон пойтахтида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик кўрилаётган вақтда тўсиқларни ўрнатган эди.

«Газета.uz» на шаҳар, на туман ҳокимиятидан тезкор изоҳ олишнинг уддасидан чиқди. Пойтахт ИИББ ҳам вазиятга ойдинлик киритмади. Мустақиллик кўчасидаги ЙПХ инспекторларидан бири мухбиримизга тўсиқларни олиб ташлаш қарори ҳаракат хавфсизлигини оширишга қаратилганини таъкидлади.

Аввалроқ «Газета.uz» шаҳар бўйлаб ўрнатиб чиқилган бундай тўсиқлар йўлларда авария ҳолатини кескин оширгани, ҳайдовчилар кўриш даражасини чеклаб, пиёдаларга катта хавф туғдиргани ҳақида ёзган эди.