Мирзиёев 170 одам ҳалок бўлиши муносабати билан Шри-Ланка халқига таъзия билдирди

Шри-Ланка. Қутқарувчилар сув тошқинида ҳалок бўлган одамни вайроналар остидан олиб чиқмоқда.

Шавкат Мирзиёев Шри-Ланка президенти Майтхрипала Сирисенага кучли сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ва бедарак йўқолгани муносабати билан самимий ҳамдардлик изҳор этди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг 30 май куни билдиришича, Мирзиёев ўз мактубида Шри-Ланка халқига ҳамда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик ва далда сўзларини етказишни сўради.

Шри-Ланкада 26 майдан бери давом этаётган табиий офат оқибатида 170дан ортиқ одам ҳалок бўлди, юздан ортиқ одам бедарак кетди.

Сув тошқинлари натижасида 48 минг турар жой бинолари вайрон бўлган, ярим миллион одам бошқа ҳудудларга кўчирилган.