Ўзбекистон 5 йилда автомобил ишлаб чиқаришни 3 баробарга кўпайтирмоқчи

Ўзбек автомобиллари Ravon бренди остида ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистон ҳукумати 2021 йилгача автомобил ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробарга кўпайтиришни режалаштирмоқда.

Podrobno.uz нашрининг душанба куни хабар беришича, бу борадаги қарорни президент Мирзиёев 1 июнь куни имзолаган.

Қарорда 2017-2021 йиллар оралиғида автомобил саноатига 800 миллион доллар сармояни ўзлаштириш ва соҳада иш билан банд одамлар сонини 1,2 баробарга кўпайтириш вазифаси юклатилди. “Ўзавтосаноат” ҳиссадорлик ширкати эса ҳиссадорлик жамиятига айлантирилди.

Ҳужжатда “Ўзавтосаноат” раҳбариятига автомобил бозорида валюта сиёсатини либераллаштириш кўрсатмаси ҳам берилди.

Бундан ташқари, қарорда кейинги 5 йил давомида янги русумдаги автомобилларни ишлаб чиқариш юзасидан инвестициявий дастурлар параметрлари ҳам белгилаб берилган.