Beeline ва Ucell лицензия талабларини бузаётгани маълум қилинди

UNITEL МЧЖ (Beeline савдо маркаси) ва COSCOM МЧЖ (Ucell савдо маркаси) мобил операторлари радиоэлектрон воситалар ва радиочастота спектридан фойдаланишни қўпол равишда бузмоқда. Бу ҳақда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига таяниб, кун.уз сайти хабар қилди.

Инспекциянинг таъкидлашича, 2017 йилнинг май ва июнь ойиларида база станциялари ва ушбу операторларнинг мобиль алоқа тармоқлари радиорелейли линиялардан фойдаланиши бўйича тартиб талаблари бузилган.

Инспекция маълумотларига кўра, мобил операторлар база станциялари ва радиорелейли линиялардан фойланишга қабул қилиб олиш акти ва радиоэлектрон воситалар ҳамда радиочастоталардан техник фойдаланиш бўйича тегишли рухсатни расмийлаштирмасдан, ноқонуний равишда тижорий мақсадларда фойдаланишган.

Хусусан, қоидабузарликлар Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида аниқланган.

Инспекциянинг эслатишича, операторлар “норматив-ҳуқуқий актлар ва лицензия келишувлари талабларини тизимли равишда ҳамда қўпол бузишлари, шунингдек, кўрсатилаётган мобил алоқа хизматлари сифати кўрсаткичлари пасайгани учун” огоҳлантирилган ва маъмурий жавобгарликка тортилган.