Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ID-карта мақомида бўлади

Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси.

Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари шахсни тасдиқловчи ҳужжат мақомига эга бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг 19 июнда қабул қилган 389-сон қарорига биноан, ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон ичкарисида хориж мамлакатларида шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланадиган ID-карталар ўрнида қўлланилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари пластикдан тайёрланади ҳамда жисмоний шахснинг идентификация рақамига, махсус электрон белгига эга бўлади.

2021 йилгача техник кўрикдан ўтганлик, автортанспорт воситасини қўллашга рухсат берувчи ёки эгаликни тасдиқловчи ишонч қоғози, суғурта полиси тўғрисидаги маълумотлар электрон кўринишга ўтказилади. Бу маълумотлар гувоҳномадаги махсус электрон белги чипида сақланади.

Жорий йил мартида Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қарорига мувофиқ 1 октябрдан бошлаб мамлакатда янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомоторанспорт воситасининг рўйхатга олинганлиги гувоҳномаси жорий этилган эди.

Қарорда айтилишича, мазкур ҳужжатларнинг эски намуналари 2021 йил 1 январидан яроқсиз ҳисобланади.