Вазирлар Маҳкамаси ғалладан бўшаган ерга картошка экиш ҳақида буйруқ берди

Тошкентдаги бозорлардан бирида картошка олиш учун пайдо бўлган навбат.

Ўзбекистон далаларида ғалла ўриб бўлинганидан сўнг бўшаган ерларга картошка экилади. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамаси 14 июнь куни 374-сонли махсус қарорни қабул қилгани тўғрисида 22 июнь куни Podrobno.uz хабар берди.

Қарорда айтилишича, “Ўздонмаҳсулот”, “Ўзвиносаноат-холдинг”, “Ўзпахтасаноатэкспорт”га қарашли ташкилотлар ғалладан бўшаган ерларда иккинчи экин қаторида картошка етиштиришлари шарт бўлади.

Шу мақсадда хориждан 11 650 тонна картоша уруғи сотиб олинади. Ўзбекистонда картошка уруғи етиштирилмаслиги сабабли хориждан олиб келинадиган уруғлик картошка 1 августгача божхона тўловларидан (бож йиғимидан ташқари) озод қилинади.

Озодлик радиоси жорий йилнинг бир неча ойи мобайнида Ўзбекистонда қартошка тақчиллиги кузатилгани ҳақида ёзган эди.

Январнинг охирида килоси 1000 сўмдан сотилган картошка 4 ойда 8 баробарга қимматлади. Майнинг дастлабки кунларида картошканинг килоси 8000 сўмгача чиқди.