Жанубий Кореяда муҳожирлар сони бўйича ўзбеклар 5-ўринни эгалламоқда

Жанубий Корея пойтахти Сеулдаги кўчалардан бири.

Ўзбекистонликлар Жанубий Кореядаги муҳожирлар сони бўйича бешинчи ўринни эгалламоқда. Бу ҳақда Жанубий Корея Адлия вазирлигининг 21 июнда эълон қилинган ҳисоботида маълумот берилган.

Ҳисоботга қараганда, Жанубий Кореяда 1 миллиондан ортиқ хитой, 150 минг ветьнам, 140 минг америкалик, 100 минг таиланд ва 55 минг ўзбек бор. Ўзбеклар Кореядаги муҳожирларнинг 3 фоизини ташкил қилмоқда.

Кун уз нашрининг 29 июнь куни билдиришича, Жанубий Кореяда ишловчи ўзбеклар сони яқин келажакда янада кўпайиши кутилмоқда.

"Сўнгги уч ой ичида Тошкент ва Сеул ўртасида Корея Республикасида меҳнат қилишни истаган ўзбекистонликлар учун виза олиш жараёнини енгиллатиш ва кейинчалик квоталар сонини ошириш борасида икки раундли музокаралар ўтказилди”, деб ёзади нашр.

Жанубий Кореяда ишламоқчи бўлганлар учун ташкил этилган апрелдаги охирги тестларга 87,7 минг ўзбекистонлик рўйхатдан ўтди.