Туркия Россиядан С-400 зенит-ракета комплексларини сотиб олади

Путин ва Эрдўғоннинг Кремлдаги учрашуви. 2017 йил, 10 март.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон 25 июлда “Адолат ва тараққиёт” партиясининг парламентдаги фракцияси йиғилишида қилган чиқиши чоғида Россиядан С-400 русумидаги зенит-ракета комплексларини сотиб олинишини айтди.

Эрдўғон бу борада қандай ҳужжат имзолангани ва бошқа тафсилотларни билдирмади.

“Интерфакс” агентлиги Россия ҳукумати ҳозирча Эрдўғоннинг бу баёнотини шарҳлашдан тийилаётганини хабар қилди.

Аввалроқ АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттис бу борадаги маълумотларни шарҳлар экан, Россия ҳарбий техникаси НАТО техникаси билан уйғунлаша олишига шубҳа билдирган эди. Туркия НАТОнинг аъзоси ҳисобланади.

Bloomberg агентлигининг билдиришича, С-400 қурилмаларини сотиб олиш бўйича шартнома қиймати 2,5 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин.