Бюджетнинг 1-ярим йилликдаги кирим-чиқимлари жамоатчиликка эълон қилинди

Ўзбекистон давлат бюджетининг биринчи ярим йилликдаги асосий ҳаражатлари маориф ва тиббиёт соҳаларини молиялашга тўғри келмоқда. Бу ҳақда 1 август куни Ўзбекистон Молия вазирлиги маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, маорифга 7 триллион 7 миллиард сўм, тиббиётга — 3 триллион сўм, нафақа, моддий ёрдам кўрсатишга — 1 триллион 100 миллиард сўм сарфланди. Ҳукумат, суд ва бошқа бошқарув органлари харажатлари эса 1 триллион 74 миллиард сўмни ташкил қилди.

Молия вазирлиги жорий йилнинг биринчи ярмида давлат бюджетининг даромад қисми ўтган йилгига нисбатан 15 фоизга, бюджет профицити эса 80 фоизга ўсганини билдирмоқда.

Пул ҳисобида даромад 22 триллион 458 миллиард 900 миллион сўмни, харажатлар 22 триллион 350 миллиард 600 миллион сўмни ташкил қилди. Профицит эса 108,2 миллиард сўмга етди.

Молия вазирлигига кўра, ўтган 2016 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджети даромади 19,1 триллион сўмни, ҳаражатлари эса 19,04 триллион сўмни ташкил қилган эди. Ўшанда бюджет профицити 60 миллиард сўм бўлган.