Миср қозоқ талабаларни Остонга депортация қилди

Мисрда қўлга олинган қозоғистонлик талабаларнинг ижтимоий тармоқлардаги сўнгги суратларидан бири.

Миср ҳукумати аввал қўлга олинган қозоғистонлик 6 талабани ватанига депортация қилди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ануар Жайнақов 2 август куни талабалар Қоҳира аэропортидан қозоқ дипломатлари кузатуви остида Остонага жўнатилаётганини тасдиқлади.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги 1 август куни Қоҳирага 6 нафар қозоғистонлик ҳибс қилинганига нисбатан норозилик нотасини жўнатган эди. Нотада қозоғистонликларнинг қўлга олиниш сабабларини тушунтириб бериш ҳамда уларни қозоқ дипломатлари билан учраштириш талаб қилинган.

Мисрда 19 июль куни араб тилини ўрганаётган 6 қозоқ талаба қўлга олинган эди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги қўлга олинган талабалар экстремистик фаолият билан шуғулланмаганига ишонилишини билдирмоқда.