Иссиқкўлда аварияга учраган 10 ёшли бола муваффақиятли операция қилинди

Тошкентдаги Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази шифокорлари Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида юз берган автоҳалокатда жароҳатланган 10 ёшли ўзбекистонлик Игор Орловни муваффақиятли жарроҳлик амалиётидан ўтказди.

Podrobno.uz нашрининг душанба куни билдиришича, автоҳалокатда жароҳатланган бошқа ўзбекистонликларга ҳам тиббий ёрдам кўрсатилган ва уларнинг саломатлиги яхшиланмоқда.

3 август куни Иссиқкўлнинг Қизил Ўрик қишлоғида микроавтобус енгил автомашина билан тўқнашгани оқибатида 9 киши жароҳат олган эди. Улардан 6 нафари Ўзбекистон ватандоши бўлган. Жароҳат олган ўзбекистонликлардан уч нафари болалардир.

Мазкур воқеадан сўнг Ўзбекистон ҳукумати жароҳатланган ўзбекистонликларни Бишкекдан Тошкентга Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг шифокорлари бригадаси билан махсус самолётда олиб келган эди.