Тошкентда 17та кичик саноат зоналари ташкил этилади

Иллюстратив сурат.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида фаолият юритмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари базасида 17та кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Podrobno.uz нашрининг 10 августда хабар беришича, мазкур ҳудудлардаги давлатга қарашли кўчмас мулк 10 йил муддатга тадбиркорларга бепул ижарага берилади. 10 йилдан сўнг иш ўринларини сақлаб қолиш ва янгиларини яратиш шарти билан мулк тадбиркорларга хусусийлаштириб берилади.

Мазкур ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектлари икки йил мулк солиғи, ягона солиқ тўлови ва даромад солиғидан озод этилади. Агар ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 30 фоизидан кам бўлмаган миқдори экспорт қилинаётган бўлса, солиқ имтиёзи яна 2 йилга узайтирилади.

Қарорга биноан Ўзбекистон қайта қуриш ва тараққиёт жамғармаси октябрь ойидан бошлаб мазкур ҳудудлардаги тадбиркорлар учун 50 миллион доллар миқдоридаги кредит линиясини очади.

Кредит олган тадбиркорларга қарзни миллий валютада Марказий банк курси бўйича тўлаш имконияти берилади.