Абдулла Арипов 15 августда Қирғизистонда чегара масаласида музокаралар ўтказади

Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпонота шаҳрида 15-17 август куни чегараларни аниқлаш бўйича ўтадиган ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишига келадиган Ўзбекистон делегациясига бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

7 август куни Қирғизистон бош вазири Сўўрўнбай Жээнбеков Абдулла Арипов билан телефон суҳбати ўтказиб, чегараларни аниқлаш жараёни тўғрисида фикр алмашган эди.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссия 2016 йилнинг декабридан то шу кунгача 15 маротаба учрашиб, музокаралар ўтказди. Бундан аввалги музокаралар Наманганда 5 августда бошланиб, 13 августда якунланган эди.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегараси 1378 километрни ташкил қилади. Мазкур ҳудуднинг 320 километри кўплаб баҳсли ҳудудлар мавжудлиги туфайли шу кунгача аниқланмаган.