БМТ Бош котиби Шарлотсвиллдаги воқеаларга муносабат билдирди

БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш.

БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш АҚШнинг Шарлотсвилл шаҳрида содир этилган тартибсизликларга муносабат билдирди.

16 август куни Гуттериш БМТ штаб квартирасида ўтган брифингда "ирқчилик жамиятни заҳарловчи кўриниш", деб айтди:

-Мен тасдиқлашим мумкин бўлган принциплар жуда аниқ: ирқчилик, ксенофобия, антисметизим ёки исломофобия –жамиятимизни заҳарловчи кўринишлардир. Биз барчамиз бу кўринишларга ҳамма жойда ва ҳар қачон қарши туришимиз керак, - деди Гуттериш.

БМТ бош котибининг бу баёноти АҚШ президенти Дональд Трамп Шарлотсвиллдаги воқеада “барча томонлар”ни айбдор, деб ҳисоблашини айтганидан сўнг янгради.

Президент Трамп дастлаб Шарлотсвиллдаги тартибсизликларда “барча томонларни” айблади. Бироқ унинг бу баёноти танқидларга учраганидан сўнг 12 август куни Оқ Уй Трамп “Ирқчилик бу ëвузлик ва ирқчилик номидан зўравонлик қилганлар¸ жиноятчи ва қотиллардир”, деб баёнот берганини эълон қилди.

Аммо 15 август кунги баёнотида Дональд Трамп Шарлотсвиллдаги воқеада “барча томонлар” айбдор, деган фикрида собит эканини таъкидлади.Нью Йоркда Трапнинг бу баёнотига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

12 август куни Виржиния штатининг Шарлотсвилл шаҳрида оқ ирқчилар билан ўнг қанот фаоллар ва уларга қаршилар ўтказган намойиш иштирокчиларига автомобиль билан ҳужум қилинган эди.

Ҳужум натижасида бир аёл ҳалок бўлди, 19 одам жароҳатланди. Намойишчилар устига автомобиль билан бостириб борган 20 яшар Жеймс Алекс Филдс қўлга олиниб, унга қарши иш очилди.

Шарлотсвиллдаги намойиш ўтказилишига маҳаллий ҳукуматнинг АҚШдаги ватандошлик урушида қуллик тарафдорлари қўмондонларидан бири бўлган генерал Роберт Лига ўрнатилган ҳайкални олиб ташлаш қарори сабаб бўлган.