Мирзиёевнинг Қирғизистонга бориши маълум қилинди

Мирзиёев ва Атамбаев 2016 йил декабрида Тошкентда учрашган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга расмий ташриф билан келади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидов 22 август куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди..

“Томонлар ушбу ташрифга тайёргарлик кўрмоқда, аниқ муддатлар келишилади. Бу ташриф амалга ошади”, – деб билдирди Комил Рашидов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарар экан.

16 август куни Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари учрашган эди. Учрашув доирасида ўзбек-қирғиз чегарасининг 1170 километри аниқланиб бўлинганини тасдиқлаш тўғрисидаги оралиқ битим имзоланди

Бош вазирлар сўзлашуви пайтида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг яқин кунлар ичида Тошкентга сафар қилиши режалаштирилаётгани хабар қилинган.

Атамбаев ўтган йилнинг декабрида давлат ташрифи билан Тошкентга борган эди.