АҚШ мудофаа вазири: Вашингтон Украинага қурол етказиб бериш масаласини ўрганмоқда

АҚШ мудофаа вазири Жеймс Маттис Киевдаги матбуот анжуманида.

Украина Мустақиллиги куни муносабати билан Киевга келган АҚШ мудофаа вазири Жеймс Маттис 24 август куни Порошенко билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Вашингтон ҳеч қачон Қримнинг Россияга қўшиб олинганини қўллаб-қувватламаслигини, Украина ҳудудий яҳлитлиги тарафдори бўлиб қолишини таъкидлади.

АҚШ мудофаа вазири Жеймс Маттис Россияни “халқаро чегараларни куч билан ўзгартиришга ҳаракат қилаётганлик”да айблади ҳамда Вашингтон Украинага мудофаа учун қурол етказиб бериш масаласини фаол кўриб чиқаётганини айтди.

Бунга Украина президенти Петро Порошенко эса Киев Донбассдаги айримачи ҳудудларда рус ҳарбийлари мавжуд экани тўғрисида разведка маълумотлари борлигини билдирди:

-Разведкамизда мавжуд маълумотларга қараганда, бугунги кунда босиб олинган ҳудудларда Россия ҳарбийлари сони камида уч минг кишини ташкил қилади, -деди Порошенко.

Маттис Москва Украина шарқидаги айримачиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатмагунича, Россияга нисбатан санкциялар бекор қилинмаслигини яна бир бор таъкидлади.