Бош вазир ҳақорат қилган журналист "сўз эркинлиги поймол қилинаётганига" ишонмаслигини айтди

Халқаро пресс-клуб кўрсатувлари жонли эфирда берилаётган эди.

Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев клуб фаолияти тўхтатилгани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди ва Ўзбекистонда “сўз эркинлиги поймол қилинаётгани” борасидаги фикрларга қарши эканини билдирди.

“Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов Халқаро Пресс клуб ташкил бўлганидан то шу кунгача уни қўллаб - қувватлаб келмоқда. Ташкилий масалаларни ҳал этишда яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Бироқ иш жараёни доим ҳам текис ва силлиқ кечмайди. Шундай алоҳида ҳолатлардан мамлакатда демократия ислоҳотлари тўхтагани, сўз эркинлиги поймол қилинаётгани ҳақида глобал хулосалар қилиш мутлақо нотўғри ва ўринсиздир”, деб ёзди Қудратхўжаев.24 август куни ўзининг Facebook саҳифасида.

Озодлик радиоси манбалари 23 август куни Халқаро пресс - клуб кўрсатувларининг сўнгги уч сони одатдаги вақтида жонли эфирга узатилмагани, ёзиб олинган сўнгги 3 дастурнинг эфирга қачон берилиши ҳам ҳозирча номаълум эканини айтган эдилар. Шунингдек, "Ўзбекистон" телеканалидаги "Муносабат" кўрсатуви ҳам жонли эфир сеткасидан олиб қўйилган.

21 август куни МТРК журналистлари билан ўтказилган йиғилишда Бош вазир Абдулла Арипов Халқаро пресс клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев олиб бораётган жонли кўрсатувларини танқид қилиб, уни “ҳаддидан ошиб кетганликда” айблаган эди.