Линклар

Бош вазир ҳокимларни гапиртираётган журналистни ҳақорат қилди, жонли кўрсатувларини тақиқлади

  • Садриддин Ашур/Озодлик

Халқаро пресс-клубнинг жонли ва сайёр кўрсатувлари ман қилинди

Ўзбекистон МТРК Медиа марказида 21 август куни МТРК журналистлари билан ўтказилган йиғилишда Бош вазир Абдулла Арипов Халқаро пресс клуб маркази раҳбари, журналист Шерзод Қудратхўжаев олиб бораётган жонли кўрсатувларини танқид остига олиб, уни “ҳаддидан ошиб кетганликда” айблади.

Бош вазирнинг сенсираб гапиришига Шерзод Қудратхўжаев, “менга бақиришга ва сенлашга ҳаққингиз йўқ”, деб жавоб қайтарди.

Онлайн кўрсатувларнинг тақиқланганини, журналистлар, 25 йиллик уйқудан кейин энди уйғонаётган ўзбек журналистикасини яна бўғишга ҳаракат сифатида баҳолашмоқда.

“Сен, бола, ҳаддингдан ошдинг!”

МТРК Медиа марказида 21 август куни соат 10 дан 16 гача давом этган йиғилишни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов олиб борган.

Бу йиғилишда иштирок этган, исми сир қолишини сўраган журналистлардан бирининг айтишича, Бош вазир ва Халқаро пресс клуб раҳбари ўртасида “даҳанаки жанг” бўлиб ўтган:

“Бош вазир Абдулла Арипов ХПК (Халқаро пресс клуб) раҳбари Шерзод Қудратхўжаевга “Сен, бола ҳаддингдан ошиб кетдинг, сен ўзингни ким деб ўйлавоссан”, деб қаттиқ гапирди. Бундан жаҳли чиққан Шерзодхон “Бош вазир бўлсангиз ўзингизга, менга бақиришга ва сенлашга ҳаққингиз йўқ”, деди. Кейин даҳанаки жанг бошланди. Бош вазир Шерзодни қаттиқ ҳақорат қилди, "кўтинга бир тепсам икковин кеган жойинга қайтиб кетасан, домлачилигингни қилиб деди”, деди суҳбатдош.

Журналистнинг айтишича, Шерзод Қудратхўжаев раҳбарлигидаги Халқаро пресс клубнинг онлайн кўрсатувлари, жамиятдаги муаммоларни очиқ гапираётгани, вилоят ҳокимлари иштирокидаги эркин суҳбатлар Бош вазир ва матбуотни назорат қилувчи президент маслаҳатчиси Хайриддин Султоновга ёқмаган:

“Халқаро пресс клубда кўтарилган масалалар, муаммолар сўнгги 25 йилда гапирилмаган эди. Шерзод Қудратхўжаев, президентнинг гапидан руҳланиб, бу муаммоларни очиқ кўтара бошлади ва саволларга жавоб бериш учун депутатлар, сенаторларни таклиф қилди. Вилоят ҳокимлари билан учрашувлар ўтказиб, ўқитувчи ва шифокорларни дала ишларига жалб қилмаслик ваъдасини олди. Албатта, бу 25 йиллик цензурага раҳбарлик қилган Хайриддин Султоновга ва Бош вазирга ёқмаган”, дейди журналист.

“Онлайн кўрсатувлар бундан кейин бўлмайди”

Ушбу йиғилишда иштирок этган, бошқа журналист ҳақиқатан ҳам Бош вазир ва Шерзод Қудратхўжаев ўртасида даҳанаки жанг бўлиб ўтганини тасдиқлар экан, бундан ғазабланган Абдулла Арипов жонли кўрсатувларни йўқ қилишни буюрганини айтди:

“Бош вазир “бундан кейин ҳеч қандай онлайн-понлайнинг бўлмайди, қисиб ишлайсан ҳамманг. Онлайнни эфирга яқинлаштирмайсан, ҳар бир кўрсатувни эфирга беришдан олдин Хайриддин Султонов билан маслаҳатлашасан”, деди. Эрталаб соат 10 да бошланган мажлис соат 16 да тугади”, деди журналист.

“Бош вазир ва Хайриддин Султонов телевидениени аввалги ҳолига қайтаришмоқчи”

Озодлик суҳбатлашган журналистларнинг айтишларича, Бош вазир МТРК раиси Бобир Алихоновга хайфсан берган.

Уч кун олдин МТРК раисининг биринчи ўринбосарилигидан бўшатилиб, “Ўзбекистон” телеканалига директор этиб қўйилган Хайрулла Нуриддинов яна ўз жойига қайтарилган.

Мажлисда қатнашган журналистларнинг сўзларига кўра, аҳолининг ижтимоий муаммолари ҳақида жиддий кўрсатувлар тайёрлаган “Ўзбекистон 24” телеканали директори Озод Ҳамидхўжаев ҳам ишдан олинган ва унинг ўрнига илгари ишдан ҳайдалган Нодир Тўлаганов тайинланган.

Уч ой бурун МТРКнинг техника масалалари бўйича биринчи ўринбосарлиги вазифасидан бўшатилган, Бош вазирнинг холаваччаси деб айтилаётган Нусрат Ҳакимов яна ўз жойига қайтариб қўйилган.

“Бахшининг қўшиғи Хайриддин Султоновга дастак бўлди”

Ўзбекистон МТРКнинг исми сир қолишини сўраган журналистларидан бирининг айтишича, ХПКнинг Қашқадарё вилоятида ўтказган сайёр йиғилишида бахшининг айтганларини Хайриддин Султонов Шерзод Қудратхўжаевга қарши дастак қилиб олган:

“Агар кўрган бўлсангиз, Қаршидаги ХПК йиғилиши охирида бир бахши чиқиб, ўзидан тўқиб қўшиқ айтади. Бахши ўшанда, юртни улуғлаб, президентдан олдин “пресс клубни ташкил қилган Шерзодхонга ҳам минг раҳматей” дейди. Ана шунга Хайриддин Султонов ёпишиб олиб, “нега бахши сенга бағишлаб қўшиқ айтади, бизда раҳбар битта”, деди.

Бунга жавобан Шерзод Қудратхўжаев​ "Ахир, бахшилар минг йиллардан буён ўйлаганини айтади”, деди журналист.

“Мажлисдан бир кун олдин катта “разбор” бўлган!”

Бош вазир иштирокида ўтказилган мажлисда қатнашган журналистнинг айтишича, мажлис арафасида у ва ҳамкасблари уйига кетолмаган, телевидение хавфсизлик хизмати ходимларнинг уйига кетишига рухсат бермаган.

“МТРК режими ўтган куни эфирда бўлган журналистларни тонггача ушлаб қолди. Тонгги соат олтида уйига кетган журналистларни яна ишга чақириб, соат 10 да мажлис бошлашди. Тўрт-беш соат давомида журналистларни бир Бош вазир, бир Хайриддин Султонов роса сўкди. Бобир Алихоновни уч соат оёққа қўйиб, тергашди. Бош вазир Алихоновга “бўлди, энди к... қисиб ишлайсан, бўлмаса келган жойингга йўқотаман. Шерзод, сенга ҳам шу гап, бўлмаса, ўқитувчилингни қилиб юроврасан”, деди”, дейди журналист.

Ўзбекистон МТРКнинг ўзини таништирмаган мулозими, Медиа марказда мажлис бўлганини, раис ўринбосарлигига Хайрулла Нуриддинов ва Нусрат Ҳакимовлар қайта қўйилганини тасдиқлади.

Бироқ, мулозим онлайн кўрсатувлар бундан сўнг бўлиш-бўлмаслигидан хабари йўқлигини айтди.

Энди очилаётган ТВни бўғишдан мақсад нима?

Исми сир қолишини сўраган пойтахт газеталаридан бири муҳаррирининг фикрича, Ўзбекистонда учқунлай бошлаган сўз эркинлиги, ҳокимларнинг танқид қилиниши каби ҳолатлар тез орада катта раҳбарларга ҳам етиб боришини англаган Бош вазир ва президент маслаҳатчиси тезкор зарурий чораларни кўришга киришган:

“Кадрларнинг тинимсиз ва таъбир жоиз бўлса, мантиққа зид алмаштирилавериши давлат олий раҳбариятининг кадр танлаш ва жойига қўйиш борасида аниқ стратегияси йўқлигини кўрсатади. Вазият шу алфозда давом этадиган бўлса жуда тез фурсатда ишлайдиган одамнинг ўзи қолмайди ва президентнинг мазкур кадрлар сиёсати ҳамма ишнинг пачавасини чиқаради. Президентнинг нега танқид қилмайсизлар деган гапидан руҳланган журналистлар бевосита ҳокимият айбдор бўлган муаммоларни кўтара бошладилар. Тизгинни озгина бўш қўйган ҳокимият бундан жуда қўрқиб кетди ва жиловни тортиб қўйишга қарор қилди. Ислом Каримов даврида ҳам бошида шундай бўлганди. Ва уни ҳам охир-оқибат ишончли одамларсиз қолдиришди. Ҳозир ҳам ўша эски усулни қўллаб кўришмоқчи”, дейди муҳаррир.

Кадрлар алмашинуви ОАВнинг эркинлашишига ёрдам беряптими?

Ўзбекистон президентининг матбуот бўйича давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов Ислом Каримов ҳокимиятга келгандан буён оммавий ахборот воситаларини назорат қилиб келади.

У 1993 йилда президент девони ахборот таҳлил маркази раҳбари, 2000 йилдан бошлаб эса маданият, матбуот ва ижодий ташкилотлар бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келади.

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг ҳам Ўзбекистон ОАВнинг энг катта назоратчиси ўз вазифасида қолмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг телевидениедаги бир қанча раҳбарларни алмаштирди.

Мирзиëев Ўзбекистон Халқ артисти, хонанда Озодбек Назарбековни “Ëшлар” телерадиоканали Бош директори қилиб тайинлади. Аммо орадан узоқ вақт ўтмай, Назарбеков Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари этиб тайинланди.

Жорий йилнинг февраль ойида Хуршид Мирзоҳидовни МТРК раиси қилиб қўйган президентнинг ўзи август ойи бошида уни ишдан бўшатди ва Бобур Алихоновни директор қилиб қўйди.

Ўзбекистон Миллий телерадикомпанияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан 17 август куни бўшатилиб, “Ўзбекистон" каналига директор этиб тайинланган Хайрулла Нуриддинов 21 август куни яна эски лавозимига қайта тикланди.

Уч кун Миллий телерадиокампания раисининг биринчи ўринбосари бўлган Баҳодир Юнусов эса “Ўзбекистон” телеканалига директор бўлди.

"Ўзбекистон 24" телеканалининг маълум қилишича, “Ўзбекистон” телеканалига Хайрулла Нуритдиновгача директорлик қилган Нодир Тўлаганов Озод Ҳамидхўжаев ўрнига "Ўзбекистон 24" телеканали директори этиб тайинланди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG