Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятидаги ҳудкуш ҳужумда 13 одам ҳалок бўлди

Ҳилманд вилоятида Толибонга қарши жанглар давом этмоқда.

Афғонистон жанубидаги Ҳилмандл вилоятининг Нава туманида ҳудкуш ўзини портлатгани оқибатида 13 одам, жумладан, аскарлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди, 18 одам яраланди.

Расмийларга кўра, ҳудкуш ҳужум Нава марказидаги бозорда содир этилган. Мазкур туманда сўнгги кунларда афғон армияси ва толибон ўртасида қақшатқич жанглар олиб борилгани хабар қилинган эди.

Нава тумани ўтган ойда жанггарилардан озод қилинган, лекин туман атрофида жанглар давом этаётган эди.

Ҳилманд вилоятининг катта қисмини назорат қилаётган Толибон гуруҳи Навадаги портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Бундан бир неча кун олдин Ҳилманд вилояти маркази Лашкаргоҳ шаҳрида ҳудкуш ҳужум оқибатида 7 одам ҳалок бўлган, 40 одам яраланган эди.