Саудияда Ҳаж амаллари бошланди

Саудия Арабистонида 30 август куни 2 миллионга яқин зиёратчи Ҳаж амалларини бошлади.

Зиёратчилар беш кун мобайнида Кааба атрофини 7 марта айланиш, Арофат тоғида Шайтонга тош отиш каби амалларни бажарадилар.

Жорий йилда 90 минг эронлик ҳам Ҳажга келди. Эрон 2015 йилда Саудия Арабистони билан келишмовчиликлар ортидан Ҳаж зиёратини байкот қилган эди.

Бундан ташқари Саудия Арабистони 16 август куни ҳаж зиёратини амалга оширмоқчи бўлган қатарликлар учун чегарасини ҳам вақтинчалик очди. 5 июнь куни Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Миср ва бошқа мамлакатлар Қатарни террорчиликни қўллаб-қувватлашда айблаб, дипломатик ва иқтисодий алоқаларини узган эди.

Жорий йилда 7 мингдан зиёд ўзбекистонлик Ҳаж ибодатини амалга оширмоқда. Ўтган йиллар беш минг атрофида ўзбекистонлик Ҳажга жўнатилган бўлса бу йил квота оширилди ва 7350 нафар ўзбекистонлик Саудия Арабистонига йўл олмоқда.