Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида иштирок этмоқда

БМТ Бош Ассамблеяси.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун 18 сентябрда Нью-Йоркка жўнаб кетди.

БМТ Бош Ассамблеясининг саммити 18-20 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Бош Ассамблеяда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев биринчи марта чиқиш қилади. Президент Мирзиёевнинг нутқи 19 сентябрь кунига белгиланган.

Мазкур Ассамблеяда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Франция раҳбари Эммануэль Макрон ҳам биринчи марта нутқ сўзлайди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Мирзиёев сафар доирасида "БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Халқаро валюта фонди тақсимловчи директори Кристин Лагард, Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ён Ким ҳамда БМТ Бош Ассамблеясига ташриф буюрган бошқа давлат раҳбарлари билан учрашиб, музокаралар ўтказади".