АҚШ ҳарбий бюджети 700 миллиард доллар миқдорида тасдиқланди

АҚШ ҳарбийси.

АҚШ Сенати 18 сентябрь куни мудофаа бюджетини 700 миллиард доллар миқдорида белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қвувватлади. Айни пайтда Сенат Пентагонни Россия тарғиботига қарши курашга ҳамда янги қанотли ракетани лойиҳалаш ишларини бошлашга чақирди.

1215 саҳифали Миллий мудофаа тўғрисидаги қонунда ҳукумат идораларига “Касперский лабараторияси” маҳсулотларидан фойдаланиш ҳам тақиқланган.

Оқ Уй Москвада жойлашган “Касперский лабараторияси” ходимларидан айримлари Россия разведкасига алоқадор бўлиши мумкинлигини гумонлаб, лабаратория маҳсулотларидан фойдаланиш миллий хавфсизлик учун таҳдид туғдиришини билдирмоқда.

Қонунда Россия ядровий қуроллар сонини озайтириш тўғрисидаги 1987 йилги оралиқ шартномани бузаётгани тўғрисидаги иддаоларга жавобан Мудофаа вазирлигига янги қанотли ракетани лоийҳалаш ишларига 65 миллион доллар ажратиш ваколати ҳам берилган.

Россия мазкур шартномани бузаётгани тўғрисидаги Вашингтон иддаоларини мунтазам равишда инкор қилиб келади.