Африкадаги Конго Республикасида Ўзбекистон ватандоши ҳалок бўлди

Россиянинг Ан-12 учоғи. Иллюстратив сурат.

Африка қитъасидаги Конго Демократик Республикасида 30 сентябрь куни ҳалокатга учраган самолёт экипажи таркибида бўлган Ўзбекистон ватандоши ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захаровага таянган ҳолда 4 октябрь куни ТАСС хабар берди.

Захарованинг ТАССга маълум қилишича, Конго пойтахти Киншаса шаҳри яқинида 30 сентябрда Ан-12 самолёти ҳалокатга учраган. Мазкур самолёт экипажи Ўзбекистон, Украина ва Россия ватандошларидан иборат 5 кишидан иборат бўлган.

Самолёт қулаши оқибатида экипажнинг барча аъзолари, яъни Ўзбекистоннинг 1 нафар, Украинанинг 1 нафар ва Россиянинг 3 нафар ватандоши ҳалок бўлди.

Самолётнинг қулаб тушгани тўғрисида 3 октябрь куни Конго Мудофаа вазирлиги расман маълум қилган.

Самолет Конго пойтахти аэропортидан парвоз қилганидан сўнг бир неча дақиқа ўтгач ҳалокатга учраган. Дастлабки маълумотларга қараганда, учоқ қулашига техник носозлик сабаб бўлган.