Ўзбекистон президенти Тожикистон президентига ҳамдардлик билдирди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон акаси Нуриддин билан.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга акасининг вафоти муносабати билан таъзия изҳор этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилади.

“Сизнинг акангиз Нуриддин Раҳмоннинг бевақт вафот этиши ҳақидаги хабар бизни чуқур қайғуга солди”, дейилади Ш.Мирзиёевнинг И.Раҳмонга йўлланган хатида.

Ислом Каримов вафотидан сўнг расмий Тошкентнинг бошқа Марказий Осиё мамлакатлари билан бир қаторда Тожикистон билан алоқаларида ҳам илиқлашув кузатилмоқда. Ш.Мирзиёев И.Раҳмон билан бор-йўғи 4 кун муқаддам – 5 октябрь куни телефон орқали сўзлашиб, уни туғилган куни билан табриклаганди.