“Ўзбектелеком” хорижга қўнғироқ нархларининг оширилиши юзасидан изоҳ берди

Ўзбекистон миллий оператори бўлган “Ўзбектелеком” АК Қозоғистон, Россия ва бошқа хорижий мамлакатларга қўнғироқлар нархларини бозор талабига мослаш мақсадида кўтарган.

Аввалроқ айрим нашрлар “Ўзбектелеком” Россия, Украина, Беларусь ва Молдова йўналишидаги қўнғироқларнинг бир дақиқаси нархини 550 сўмдан 1100 сўмгача (икки баробар) оширгани ҳақида хабар қилганди.

“Ўзбектелеком” матбуот хизмати компания маркетинг ва сотувлар бўйича директори Евгений Вишневский сўзларига таянган ҳолда, сўнгги йилларда ширкат зарарга ишлай бошлагани, шу важдан тариф сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлганини баён қилади.

“Ўзимизни қоплаш ва таъминлашга эришиш учун иш самарадорлигини ошириш, харажатларни камайтириш, шунингдек, хизматлар нархларини тартибга солишга мажбурмиз”, дейди Вишневский.

Айни пайтда ширкат ўз тариф сиёсатида аҳолининг ҳимояланмаган қатламлари учун қонунда белгиланган ижтимоий имтиёзларни назардан қочирмасликка ваъда бермоқда.