М. Абдусаломов: Қирғизистон тажрибаси биз учун фойдали бўлди

Мирзо-Улуғбек Абдусаломов.

МДҲ кузатувчилар миссиясининг Ўзбекистондан бўлган вакили Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Қирғизистондаги президент сайлови халқаро стандартларга мос равиш ўтказилганини билдирди.

“Биз кўп жойлардаги, шу жумладан, Европа мамлакатларидаги сайловларда бўламиз ва айта оламизки, ўтган сайловлар халқаро стандартларга мувофиқ, юксак даражада ўтди. Ҳақиқатан шаффоф, очиқ сайловлар бўлди”, деди 16 октябрь куни Бишкекда ўтган матбуот анжуманида М. Абдусаломов.

Абдусаломов Қирғизистоннинг сайлов бўйича тажрибаси Ўзбекистон учун фойдали эканини қўшимча қилди.

“Ўзбекистон шу йўналиш бўйлаб - [сайловларда] техникадан фойдаланиш йўлидан бормоқда. Сайловлар, сайлов кодекси бўйича янги қонунлар тайёрланаяпти ва табиийки, техник воситалардан фойдаланиш жараёни ҳам бораяпти. Умид қиламанки, яқин келажакда биз бу масалани ўрганиб чиқамиз ва бизда ҳам бу воситалардан фойдаланилади”, деди Мирзо-Улуғбек Абдусаломов.

Қирғизистон президент сайлови 15 октябрь куни бўлиб ўтди.