Янги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва техпаспорт учун тўлов миқдори очиқланди

Эски намунадаги автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси (техпаспорт).

Ўзбекистонда янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси учун тўлов ставкалари белгиланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Аввалроқ жорий йил 1 октябридан халқаро стандартлар асосида пластикдан тайёрланган янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилиши айтилган. Бироқ тўлов ставкалари белгиланмагани учун Ички ишлар вазирлиги бу гувоҳномаларни бера олмаётган эди.

"Мазкур гувоҳномаларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш харажатларини инобатга олиб, автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномани бериш учун энг кам иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида (104 842 сўм 50 тийин), шунингдек, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун энг кам иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида (104 842 сўм 50 тийин) тўлов ундирилиши белгиланди”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади.

Амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш 2017 йил 1 октябри - 2018 йил 31 декабри оралиғида ихтиёрий равишда, 2019 йил 1 январи - 2020 йил 31 декабри оралиғида эса мажбурий тартибда амалга оширилиши айтилмоқда.