Тошкент милицияси барча коллеж ва лицейларни ёппасига текширмоқда

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси пойтахтдаги барча коллеж ва лицейларда ёппасига текширув бошлади. Бу ҳақда 19 октябрь куни ўтказилган брифингда Тошкент ИИББ раҳбари Баҳодир Қурбонов маълум қилган.

Қурбоновга кўра, бу ўзбек милициясининг Тошкент юридик коллежида содир бўлган пичоқлашув ҳодисасига нисбатан жавоб чорасидир.

“Биз барча коллежларда текширувлар ўтказаяпмиз ва текширувдан кейин ўқув юртлари бўйича тавсияномалар киритяпмиз. Пойтахтдаги 115 та коллеж ва лицей бўйича 2016 ва 2017 йилларда талабалар иштирокида содир бўлган жиноятларни анализ қилиб чиқдик. Таҳлил натижаларини очиқланмайди, бироқ Тошкентда бирорта ҳам жиноий ҳодиса содир бўлмаган коллежлар ҳам бор. У ерларда тартиб-интизом қаттиқ, у ерларда формага риоя қилинади, у ерларда ота-оналар билан келишилган ҳолда қўшимча машғулотлар ўтказилади”, деган Баҳодир Қурбонов Тошкент юридик коллежида аксар талаблар эътиборсиз қолдирилганини урғулаган.

6 октябрь куни юридик коллеж ҳудудида 3-курс талабалари ўртасида жанжал чиққани, Саидкамрон Саидвоҳидов ўзининг икки коллеждоши — Асадбек Парпибоев ва Раҳматилла Ёрқориевга пичоқ билан тан жароҳати етказгани тўғрисида Озодлик хабар қилган.

Жабрланувчиларнинг бири — Асадбек Парпибоев шифохонага олиб борилганида кўп қон йўқотишдан вафот этганди.

7 октябрь куни коллеж директори Наталья Темирова ўз лавозимидан озод этилган ва унинг устидан жиноят иши қўзғатилган.