Линклар

11 декабр 2017, Тошкент вақти: 11:00

Тошкент юридик коллежи ўқувчиси икки курсдошини пичоқлади

  • Ҳурмат Бобожон/Озодлик

6 октбярь куни 1- сонли Тошкент юридик коллежи талабаси 2 курсдошини пичоқлади. Талабалардан бири воқеа жойида жон берди. Пичоқланган яна бир талаба Тошкентдаги шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жонлантириш бўлимига ётқизилди. Милиция икки курсдошини пичоқлаган коллеж талабасини қидирмоқда. Чилонзор туман прокуратураси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми, яъни қасддан одам ўлдириш банди бўйича жиноят иши очди.

Қотиллик 6 октбярь куни эрталаб соат 10 лар атрофида коллеж ошхонасида рўй берди.

Бир талаба гап устида талашиб 2 курсдошини пичоқлади.

Оқибатда коллежнинг 3- курс талабаси Асадбек Парпибоев пичоқ жароҳатидан оламдан ўтди.

Раҳматилла Ёрқориев эса оғир аҳволда Тошкентдаги Шошилинч тиббий марказнинг реанимация бўлимига ётқизилди.

Милиция курсдошларини пичоқлаб қочган коллеж талабасини қидирмоқда.

Тошкент Юридик коллежининг воқеа гувоҳи бўлган талабаларидан бири пичоқлашув тафсилотларини Озодликка айтиб берди.

- Бугун эрталаб коллеж ошхонасида ўтиргандик. Бирдан бақир-чақир бўлди. Учинчи курсда ўқийдиган болалар гап талашиб қолишди. Шу пайт ўқувчилардан бири ошхона пичоғини олиб, курсдошининг сонига урган, кейин ёнидаги яна бир курсдошига пичоқ тиққан. Пичоқ тиғи артериясини ёрворган. Қон фонтан бўлиб оқди. У бола шу ернинг ўзида ўлди, деб айтишди. Яна бири оғир аҳволда реанимацияда ётибди, - деди коллежнинг исми сир қолишини истаган талабаларидан бири.

Воқеа жойида Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси, прокуратура ва Олий ва ўрта таълим вазирлигининг коллежлар бошқармаси расмийлари тафтиш олиб бормоқдалар.

Ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми, яъни қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Коллеж ўқувчилари орасида пичоқлашувга сабаб бўлган жанжал нимадан келиб чиққани маълум эмас.

Коллеж ўқитувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, бу ўқувчилар орасида адоват анча вақтдан бери давом этиб келган.

- Ҳалок бўлган боланинг отаси Россияда ишлайди, ўзи камсуқум бола эди. Яраланган боланинг ота-онаси ҳам жуда оддий одамлар. Ҳозир нимадан бу жанжал келиб чиққанини ўрганяпмиз. Пичоқлаган бола қочиб кетган, қидириляпти, - деди коллеж ўқитувчиси.

Тошкентдаги 1- сонли Тошкент юридик коллежидаги “ваҳшийликлар” ўтган ҳафта Ўзбекистон телеканалида ҳам танқид қилинган эди.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон коллежларида бир неча марта қотиллик амалга оширилди.

Тошкентдаги Боровский номли Тиббиёт коллежида шу йил май ойида 17 ёшли Жасур Ибрагимов курсдоши тарафидан калтаклаб ўлдирилиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Март ойида эса Тошкент Давлат техника университетининг 1-курс талабаси Тошкентдаги коллежлардан бирининг ўқувчисини рашқ сабабли, ошхона пичоғи билан жароҳатлаган эди.

XS
SM
MD
LG