Мирзиёев Хоразм ҳокими муовини Ш. Хўжаниёзова оиласига таъзия билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шакаржон Хўжаниёзова вафоти муносабати билан таъзия изҳор қилди.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот котиби Шуҳрат Маткаримов хабар қилди.

Вилоят ҳокимлиги расмий сайтида чоп этилган хабарда дафн маросимида президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоят ҳокимлиги ва Хўжаниёзованинг оила-аъзоларига йўллаган таъзияномаси ўқиб эшиттирилгани, уни президентнинг давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев ўқиб эшиттиргани айтилган.

Вилоят ҳокимлиги сайтида вафоти муносабати билан чоп этилган хабарда Хўжаниёзованинг "президент Ислом Каримов, Искандар Дўсов, Маркс Жуманиёзов, Ғайрат Машарипов каби устозлардан таълим ва тарбия олгани, 2000 йиллардан Хоразм вилоят ҳокимлигининг раҳбарларидан бири сифатида фаолият кўрсата бошлаган"и айтилган.

63 яшар Шакаржон Хўжаниёзованинг 27 октябр куни юрак ҳуружидан оламдан ўтгани айтилмоқда.

Хўжаниёзова Шакаржон Юсуповна 1992-2000 йилларда Хоразмнинг Боғот тумани ҳокими бўлган.

2000-2004 йиллар оралиғида Хоразм вилояти ҳокимининг оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўринбосари, хотин - қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.У Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳам бўлган.

Сўнгги йилларда Шакаржон Хўжаниёзова вилоят ҳокимининг муовини сифатида ёшлар сиёсатига масъул бўлиб келаётган эди.

Хўжаниёзова 28 октбяр куни Боғот туманида дафн этилди.